Sitemize üye olarak beğendiğiniz içerikleri favorilerinize ekleyebilir, kendi ürettiğiniz ya da internet üzerinde beğendiğiniz içerikleri sitemizin ziyaretçilerine içerik gönder seçeneği ile sunabilirsiniz.
Zaten bir üyeliğiniz mevcut mu ? Giriş yapın
Sitemize üye olarak beğendiğiniz içerikleri favorilerinize ekleyebilir, kendi ürettiğiniz ya da internet üzerinde beğendiğiniz içerikleri sitemizin ziyaretçilerine içerik gönder seçeneği ile sunabilirsiniz.
Üyelerimize Özel Tüm Opsiyonlardan Kayıt Olarak Faydalanabilirsiniz
Yaşasın Renklerin Kardeşliği.


“А” Квант доирасида шунақа латоифлар. “А” Квант бу рассом Анвар Бобони илк шахсий кўргазмаси. Кўргазма Ўзбекистонда, Тошкент шаҳрида, Суратлар уйида ўтказилди. Айнан 21 октябр “Ўзбек тили” байрами кунида очилиш маросими. Ҳамма жойда ўзбек тилини ривожи ҳақида тантана-ю ош ейиш бўлиб ётганда, ғирт лотин тилида “А” квант деб номлади, қўйди. Лотин тилини ўлик тил деймизу, у ўлик тилмас. Яшаяпти. Ўзбек тили ўлаяпти. “Нега бунақа номладингиз” десам, “ Эскира, искира, учқун, учқун…” деди. “Ёзғирганларга нима дейсиз?” десам, “Шоир номлаб берди,” деб айтаман деди.

Аслида рассомга тил нима керак?! Айтадиган гапини чизиб кўрсатади рассом. Шунақа деймизу бу рассом ўзини исмидан бошқа барча сўзларни хато ёзади. Тиниш белги сифатида йўл белгиларини ҳам ишлатиб кетаверади. Ўн қатор матн ёзгандан кўра, ўн қоп қум ташиган осонроқ. Ёзишга жуда қийналиб кетади. У ёзаётганда қийналаётганини кўрсанг, ёзувни кашф этган одамни бўғиб ўлдиргинг келади. Амрикада тракт ҳайдайдиган Марҳабо Шодмонова маълумотнома ёзиб юбор деганда, “Чизиб берай” деганди.

Яна бир қадрдони Эркин Орол аввал кал бўлмаган. Соч турли сабабларга кўра тўкилади. Эркин Оролнинг каллигини яна-да кенгроқ бўлишига Анвар Бобо сабабчи. Йигирма йил давомида унга тўғри ёзишни ўргатаман деб сочи тўкилиб бўлган. Кейин бу рассом менга топширилган. Икаласига ҳам шамшоддан тароқ туҳфа қилиш керак.
Рассом ғиж-ғиж хато билан таклифнома ёзаётганда койисам, “Ўн йил мактабда она тили ўқитувчим тўғрилай олмади. Сиз қандай тўғрилайсиз?!” деди. “Нурилла Остонов” деган шарифни “Нурлл Стнв” деб ёзди. Бу таклифномани юборишга уялдим. Кейин ўйладим, аслида Анвар Бобо тўғри ёзган. Ота-боболаримиз араб имлосида унлиларни ёзмаган. Ақлан ҳижо ўқиган. Боболарга мос бўлиш керак-ку!
Ҳалигача тўлиқ битта имлога ўтишни ҳал қилмаган тилчилар, қонунчилар четда қолиб бу учун рассом айбдормас. Уйғур қавмларимиз ёзувни кашф этганда бу имлолар қайда эди?! Дилбаргин ёзувлари бор эди. Бу крилл қайда эди?! Бутун жамиятни тузилиши хато бўлса-ю, рассом хато ёзади-да. Ўзидан ақл ясаши шартмас-ку. У чиза олса бас! Бенковда ҳам, Камолиддин Беҳзодда ҳам фанлардан бешга ўқимагану расмни “аъло” чизган. Истеъдодни бори шу-да!
Шундай қилиб бир дастурчи ёзиб берган, ғиж-ғиж хатоли таклифномалар тарқатилди. Газитчи, радиочи, китобчи, шеърчи, саънатчи, адабиётчи, ишқилиб барча тил қўриқчилари рассом қолиб менга ўқрайиб қарашди. Тил байрамида ҳам “А” квант” деб номлайлидими? Ўзбекча ном қўйса бўлмайдими?! Ким айтади буларни зиёли деб?! Тўйхатдаги хатоларни қаранглар! Ким айбдор рассомни дўсти шоир айбдор. Яхши ҳам очилиш дастурига “А” квант” деган реп ёзиб бермадим. Ҳаммаси ерга ағнаб йиғларди. Тил қўриқчилари ўзбек тили учун давлатдан ойлик еяпти. Байрамларда пул еяпти. Аслида ўзбек тилини ўшалар бузган. Кўргазма учун тил департаменти ўн милён ажратганда эди, ўзбекча номлаб берардик. Тил департаменти эмиш… Ўзбек тилини бузиб ўзлари “департамент” деган сўзни тиқиб ўтирибди-ю юзсизлар…

Ўн милён ажратганда эди нафақат кўргазмани, барча рассомчиликка хос атамаларни ҳам ўзбекча номлаб берардим.
Аслида рассомга тил не керак?! У ҳатто гапирмаса ҳам бўлади. Айтадиган фикрини чизиб кўрсатсин. Найсон ойи феруза осмонда пайдо бўладиган камон рассомларники. Барча ранглар йиғиндисини ўзида жилолантирган. Рассом борки ўзини шу ранглар эгаси деб билади. Оламга ўша рангларни сочиб еткаради. Оламни ранглар билан безайди. Ранглар орқали гапиради. Шундай экан рассом учун бирор тил учун тўй бериб курашиш нимага керак? Дунё бўйича нечта тил бўлса ҳеч биридан фойдаланмаса ҳам бўлувради. Истаса ҳамма тилдан сўз олиб ўзига тил яратиб олсин. Уларга таржимон ҳам керакмас. Картиналар сўзсиз тушунилади барча миллат вакилларида бирдек. Камалак рангларини палитрага, палитрадаги рангларни малбертга илинган шаҳарга илса бас.
Рассом Марҳабо сўраган маълумотномани ҳам, бутун тақдирини, орзу-умидларини, ватан сарҳадларини, оламни ўша тилсиз ранглар ор¬қали кўради. Табиати ҳам шу ранглар таъсирида бўлади. Ранглар унинг даражасини ҳам, характерини ҳам очиб беради. Хатолик рассомларда эмас, ҳукуматнинг нотўғри тузилган сиёсатида. Магистратурага кириш учун рассомдан “инглиз тили сертификати” сўрашида хатолик. Рассомни истеъдоди эмас, тил сертификати сўралишида. Фаросатни қаранглар! У расм чизиш учун яралган одам. Икки милён бериб тил сертификати олиш учунмас. Бир олим телефон яратади, трактир яратади, лекин тил сертификати йўқ. У олим саналмайди. Яратган нарсалари тупроққа кўмилади. Мана бу қоидалар ватан тараққиётини, миллат келажагини, юрт равнақини тупроққа кўмиш учун ишлаб чиқарилган. Тил сертификатига топшириш пуллик. Ҳам тил ўрганарканинг, ҳам пул тўларканинг. Ўнгга қараганинг учун ҳам пул тўла, чапга қараганинг учун ҳам пул тўла дегани. Рассом асарини бўёқлардан яратади. Рассомга рангларни аниқ кўрадиган кўз керак, ҳис қиладиган юрак керак… Одамдай гапириши учун, ҳайвондан ажралиб туриши учун тил керак. Йўқса, тил нимага керак?! Имо-ишора билан ҳам гаплашаверади. Ўзидан ақл ясаб тил учун курашаётганлару, турли пуллик сиртупукатларни ўйлаб топадиган хумбошларни бир четга қўйиб кўргазмага қайтамиз.
Кўргазма бу рассом учун тўй. Кўргазма кунида рассом чўчағи кесилган тўйболадай юради. Қилинган харажату турли ташвишларга бир жойи ачиса ҳам, тўйболадай хурсанд, безаниб юради. Элга қозон-қозон ош осмайди, картина осади. Азага йиғи, тўйга қўшиқ ярашгандай, кўргазмага картиналар ярашади, алқовлар ярашади. Тўй тўйганга тўй, тўймаганга томоша бўлади. Кўргазма эса ҳаммага томоша. Овқат етмай қолди деган нафс жанжали йўқ. Ҳаммага бирдек сузилади таом. Одам тўйга бориб тўйган тўйини мақтаса, кўргазмага бориб ёқтирган кўргазмасини мақтайди. Рассом учун мўйқалам ҳар куни керак бўлса, картиналар фақат кўргазмада керак бўлади. Устахонада жой эгаллаб ётгани-ётган бу картиналарни. Тўй дошқозонига ўхшаб. Гоҳи кўргазма ҳам қилиб туриши керак. Тўй деса нафси оч элнинг ёпирилиб боришини кўр, кўргазма деса қандай боришини кўр. Мени эса тўй билан кўргазмани солиштирганимни кўр. Кўргазмани фақат саънатсеварлар искаб-искаб топиб келади. Бўёқни иси қайдан келаётган бўлса ўша томонга бош буриб келади. Саънатсевар элмиз дейишлари ёлғон. Пулга қул бўлиб қолган авлод, нафсга қул бўлиб қолган ҳайвондан мундайроқ бир авлод кўргазмага тўйдай ёпирилиб келармиди?! Буларни яшашига овқат безак, саънат асарлари эмас.
Анвар Бобо кўргазма кунини белгилаган кундан бошлаб, ташвиши бир тўйчалик ташвиш бўлди. Тўйни ҳам, кўргазмани ҳам бўлди-бўлдиси қизиқ. То маслаҳат ошидан тўйгача бўладиган жараён одамни шоширтиради.
Кўргазмага икки кун қолган, устахонадамиз. Малбертда “Булутлар рақси” деган 3х2 м. ўлчамда ҳайбатли картина хонани ярмини эгаллаб турибди. Келин-куёв тўйни тўрида безак бўлиб тургани каби, бу картина эртанги кўргазма-да зални тўрига осилади.
Бу картинада бирорта камчилик бўлмаслиги керак! Анвар Бобо картинани у томонига ўтиб қараяпти, бу томонига ўтиб қараяпти. Гоҳ мендан сўрайди, гоҳ бошқадан. “Зўр!” дейман. Пастдаги дарёни жимирлашини рассом бера олмаган бўлса-да, қолгани ҳақиқатдан ҳам маҳорат билан чизилган. Ҳақиқатдан ҳам гўзал асар. Шоҳ асар яратилган. Тип-тиниқ феруза осмонда парқу булутлар сузиб юрибди, олис-олисларда бу парқу булутларнинг ғўлин булутларга айланиб бораётгани элас-элас кўринади. Пастда қилт этган шамол йўқ, бироқ осмонда доим шамол эсиб туради. Рассом булутларни қирқ йил давомида кузатиб, буни ҳис қилиб булутларни жонлантира олган. Бироз оқ парқу, бироз қўнғиртоб паға, уфқ яқинида бироз ол тусга кириб ғўлинга ўхшаб кўринар булутлар феруза осмонда шамолсиз рақсга тушиб сузиб юрибди. Картинани томоша қилганинг он сени ўз оғушига олиб уча бошлайди бу булутлар. Илҳом қуршовида қоласан. Бу расмга тикилиб “Булутлар рақси” деган нимадир ёзишни режа қила бошладим.
Рассом Анвар Бобо ўта қайсар, бировни айтганини қилмайди. “Хўп” дейди-ю, ўз билганидан қолмайди. Битта картина чизиб бўлгач камчиликларини сўрайди, камчиликлари айтилгач “хўп, ўзгартираман” дейди. Бироқ ўзгартирганини биров кўрмаган. Картина қандай чизилса, шундай қолади. Ким устахонада бўлса чақириб келиб чизган асарини кўрсатади.
Гоҳида мойбўёқни “мозаикадай” қилиб чиза оладиган, ўзининг алоҳида мактабига эга, “Тўй” ва “Анор” картиналари билан рассомчиликка ўз имзосини қўйган Бахтиёр Ўроқов кириб келади. Узун бурунга кўзойнак қўндириб, тил остига носни ташлаб:
– Ажойиб, лекин мана бу ердаги ранг оч бўлиб қолибди, яна ҳам ўзингиз биласиз, – дейди.
– Бўлди,бўлди эшон бова, шу жойини тўғрилаймиз, – дейди Анвар Бобо.
Бироқ, тўғриламайди.
Гоҳида Азамат Ҳотамов кириб келади. Моҳир ҳайкалтарош. Қизларни кўкрагини Азамат Ҳотамов каби ишлай оладиган ҳайкалтарош дунёда топилиши қийин. Аёлларни қовуғи ва қуйруғини у каби ҳеч ким маромига еткариб чизолмайди. Менга ўхшаган шоиру сенга ўхшаган қўшиқчи ўлса ҳукуматни иши Азамат Ҳотамовга тушади. Чиғатой қабристонига кўмилган машҳурларни аксарият бюстлари Азамат Ҳотамовга тегишли. У аввал битта қаҳва ичади, диванга суянади. Кафтини тупуги билан ҳўллаб отни думидай бир қарич оқ ва сарғайган сочини текислаб гап бошлайди:
– Мана бу ерини бундай чизсанг яна-да яхши чиқади…
– Хўп, хўп.
Хўп дейди-ю, барибир тўғриламайди. Картина шу ҳолатда қолади. Лекин бу Анвар Бобо дегани ўта туллак. Уларни айтганини қилмагани билан кейинги картиналарда ўша хатоларни қилмай чизади.
Гоҳи Ҳикмат ака чиқади, Улуғбек ака чиқади, Эркин Бозоров чиқади. Энг кўп билимни Ашир Муҳаммаддан олади. Чунки Ашир Муҳаммад кўп гапиради. Бу уста рассом, Амир Кулолга ҳақиқий издош Кулол бир кунда мўйлабига икки соат оро берса, тўрт соат Анвар Бобога гапириб вақт ўтказади.
Ҳаммасига “хўп” дейди-ю, бироқ қайсарлик қилиб чизилган картинани қайта ишламайди.
Бироқ, “Булутлар рақси” деган асар камчиликсиз бўлиши керак. Бу галерияни тўрига илинадиган асар. Сурат устида ишлаётганда ҳеч қачон бировни айтганини қилмайдиган рассом, бир йил олдин чизилган бу асарни малбертга қайта ўрнатиб камчиликлари борми дея кўздан кечира бошлади. Кўрсатиш учун битта – битта рассомларни чақира бошлади. Бу сафар айтганини қилмаса бўлмайди, зал тўридаги расмда битта нуқта ҳам камчилик бўлмаслиги керак.
Бир рассом келиб иккита булут бир-бирига ёпишиб қолганини озгина орасини кенгайтирса яна-да чиройлироқ бўлишини айтди. Анвар Бобо ўша булутларга яқинроқ ранг қайтадан тайёрлади. Қуриган ранг билан ҳўл рангни орасида фарқ бўлади, гарчи бир хил ранг бўлса ҳам. Булутларни орасини кенгайтир-ди-ю, қолган булутларни ҳам янги тайёрлаган рангга бўяб чиқишга мажбур бўлди. Икки булут орасидаги осмон учун ҳам алоҳида ранг тайёрлади ва бўяди. Осмонни қолган жойлари билан ранг бир хил чиқмади. Ахир бир йил олдинги вақт бошқа, ҳозирги вақт бошқа, бир йил олдинги ҳиссиёт бошқа, ҳозирги ҳиссиёт бошқа. Қандай бир хил ранг чиқсин?! Роса берилиб ишлай бошлади. Бироқ иш бошқа, илҳом бошқа. Ёнимда Сўқоқ виносини синашга келган рассом жим ўтирганим учунми менга савол назари билан қаради.
– Юз минг дўллирлик асарни юз дўллирлик асарга тушишини кўриш ачинарли бироз, – деб тўнғиллаб қўйдим.
– Нима дейсиз, шоир?! – деди Анвар Бобо.
– Шоҳ асарнинг ўлимини томоша қиляпман. Бизга эътибор бермай ишлайвиринг, – дедим.
Рассом бу картинасини яна-да зўрроқ чиқараман дея берилиб ишларди.
Бир рассом келиб сувда булутларни акси кўриниши керак деди. Бир рассом келиб тоғ билан осмонни бир-бирига уйқаштириш керак деди. Бир рассом булутларни шаклини ўзгартириш керак деди. Келган рассомларни барчасини Анвар Бободан ёши улуғ, барчаси устозлар. Улар билмаса гапирмайди. Анвар Бобо ҳар бирини айтганини қилиб чиқди. Беш соат деганда картина қайта ишлаб бўлинди. Ўша дарё, ўша тоғлар, ўша осмон, ўша булутлар. Бироқ “Булутлар рақси”дан асар ҳам йўқ эди. Узоқроқдан картинани қайта томоша қилди. Қўлидаги мўйқаламни картинага қараб отди жаҳл билан ва палитра устида қолган рангларни қўли билан шипириб олди-да булутларни устидан қўли билан бўяб ташлади.
– Тамом! Шу ҳолда осилади, – деди.
Картина тамом бузилган эди.
Кейинги кун қўнғироқ қилди.
– Шоир, эрталаб фотоуйга картиналар боради, номлаш керак! – деди.
Саксонга яқин картина. Айримлари номланган, айримлари номланмаган. Номланганларини ҳам қайта номлаш керак. Ҳар бир картинани ўн беш минут томоша қилиб ном қўйган тақдирда ҳам, бир соатда тўртта картинани номлай оламан. Таваккал номлаб ташлаб бўлмайди. Саксонта картина учун тахминан йигирма соат вақт кетади. Эрталабдан борганим билан овқат ейиш бор, ҳожатга бориш бор. Барибир кейинги кунга, ярми қолади. Кейинги кун кўргазма!
Замирага қўнғироқ қилдим. У ҳам Анвар Бободек беминнат дўст, икаласини фарқи уни сочи бор ва у аёл. Ҳамма актриса деб биладиган бу хоним зукко, закий, ҳозиржавоб, топқир журналист ҳам. Болалар адабиётида нимадир ёзсам ундан маслаҳат сўрайман. У болаларни ҳис қилади. Мақолаларга сарлавҳани ҳам тез топади. Кўрсатув ва тасвирларга ном керак бўлса ундан сўрайман. Мен битта картинага ном қўйгунимча у ўнта картинани номлаб чиқиши мумкин, асосийси бу эмас. Асосийси расмга аёл нигоҳи билан ҳам қараб кўриб кейин ном қўйиш керак. Мени кўзимга зуҳра бўлиб кўринган юлдуз, уни кўзига чўлпон бўлиб кўриниши мумкин. Бу пайтда уни ёрдами керак.
Эрталабдан етиб келдик. Фотоуй бўм-бўш; эшикда қоровул, иккинчи қаватда саънатшунос Гулноз Шарипова бор холос.
– Қани, картиналар номи ёзилган вароқни беринг қани. Компеютерга кўчирай, тезроқ печат қилиш керак, – деди у.
– Номлаш учун келдик, – дедим.
– А-аа?! – деди.
– Ҳа, – дедим.
Тушгача кутдик, на картина келди, на тўйбола. Бу орада картиналарни туширишга айтилган болалар ҳам, “бошқа сафар” деди, қўйди. Қайта-қайта қўнғироқ қилдим тўйболага.
– Бу ҳолда ҳамма картинани “А” квант” деб номлаймиз, қўямиз, – дедим.
Вақт эса тиғиз. Музқаймоқ ейишга чиқдик ҳам ҳали хабар йўқ, қорин очиб “лаваш”га чиқиб келдик ҳам ҳали хабар йўқ. Юқорида Гулноз Шарипова, эшикда қоровул. Кенг ва бўм-бўш залда журналист қиз ва мен. Бу катта зал деворида бир дона сурат ҳам йўқ. Зерикарли кутиш.
– …Биттасини мактабдан олишим керак, биттасини боғчадан олишим керак… – шошади у.
Мен эса вақт ўтказиш учун бу гўзал актрисага қараб маъруза қиламан:
– Эртага қанча одам келади, номаълум. Индин қанча одам келади, номаълум. Бу элга саънат нима керак?! Бари нафс қули. Эртага илинадиган картиналар ўрнига сени суратларингни бироз яланғочроқ қилиб илиб чиқса бутун эл томошага келади. Булар саънат орқасидан эмас, нафс орқасидан эргашади…
Пешин гурзовойда картиналар етиб келди. Фотоуйда тушурувчилар йўқ. Туширгунча икки соат вақт кетади.
– Сен кетавер, – дедим Замирага, кетди. У кетди.
Гурзавойни орқасида Эржан тиржайиб турибди. Юрагим шиғ этди. Бошқа одам йўқмиди хизматга?! Ўзбекистонда одам йўқмиди?! Қозоғистонлик рассом картиналарни гурзавойга ортган. Камолиддин Беҳзод номли ўқувуйи бор. Мошинлар, талабалар – саънат учун, бунақа кунларда хизматда бўлмайдими?! Кўргазма учун қардош эллардан кўплаб рассомлар етиб келганидан хабарим бор эди-ю, Алматидан Эржанни етиб келганидан хабарим йўқ эди. Юрагим орқага топганини сабаби у билан бирга ҳатто битта пиёла ҳам юволмайман. Алматида 6 метрга 2 метр ва 2 метрга 3 метрлик картинани деворга бирга ёпиштирганмиз. Қўлинг чанг бўлиб ишлаб ётсанг “Шоир дегани кастим-шимда, минбарда бўлмайдими?” дейди. Ишлаб бўладими, кейин?! Биринчи кўришганимизда у менга ўрисча гапирган. Кулганман. Шундан буён ё қозоқча ё ўзбекча гапиради. Қардош халқ рассомлари бир-бири билан ўрисча гаплашади. Шу пайт мен ўзимдан “ғалча”ни ёқиб оламан, тушуниб турсам-да. Ғирт ўзбекча гапиришни бошлайман. Тушунса тушунсин, тушунмаса англасин, англамаса ўргансин дегандай. Йўқ, тушунади. Бизга асли бегона тил нимага керак?! Тил бир, қон бир, дин бир бўлса…
– Шоир дегани кастим-шимда, туфлида юрмайдими? Картина тушириш шоирга ярашмайди! – деди кўришиб бўлиб картиналарни тушира бошлаганимизда.
Нима ҳам дердим, меҳмон. Бирор нима десам, “меҳмонни ҳам ишлатадими, уят” дейди. Иккаламиз тушира бошладик, Гулноз ёрдам берди. Қоровул билан шопирни виждони қийналиб улар ёрдамга киришди. Бундай қарасам гурзавойни ўнг биқинига бўёқ суртилган, Эржанни енги-ю эгни бўёқ суртилган. У устини тозалаш билан андармон:
– Бўёқ қайдан тегди? – деб сўради.
– Булутлардан, – дедим.
– Қанақа булут, кулманг…
– Боя иккаламиз туширган катта картина ҳали қуримаган эди…
– А, картинани бузиб қўйдикми?
– Йўқ. Ўзи бузилиб бўлган кеча…
– А-аа?!
– Ҳа-а…
Бу орада тўйни эгаси етиб келиб, иш жадаллади. “Булутлар рақси” кўзга ташланмайдиган четроққа илинди. Унинг ўрнига зални тўрига “Эчкилар” илинди. Энди, буларни номлаб ҳар бирини ёнига қоғоз ёпиштириб чиқиш керак. Кун эса ботиб бўлган. Анвар Бобо бироз ўйланди-да:
– Гулноз опа, ҳаммасини номи “А” квант”. Шундай ном бериб, тагига “Ўзингиз номланг” деб вароқда ёзиш учун бўш жой қолдиринг, – деди.
Шунақа бўлди.
Иш тугагач “Ҳорманг”га бирин-кетин ҳашарчилар кела бошлади. “Булутлар рақси” эмас, “Эчкилар” шоҳ асар бўлиб келин-куёвдай зал тўрида турибди. Деҳқонқул деган калласи катта рассом келди-да, “Эчкилар” қаршисида ярим соат турди. Эчкилар билан суратга тушиб деди:
– Эчкиларни отари бўлмайди, қўйларни отари бўлади! Нотўғри чизилибди.
Жаҳлим чиқди. Саводсиз муллани салласи катта бўлади, сўка! Бўйнидан бўғиб Чирчиқ бўйига олиб бориб Расул Нафасга тегишли эчкилар отарини кўрсатгим келди. Деҳқонободга олиб бориб тоғлар тепасидаги эчкилар отарини кўрсатгим келди. Рассомлар шу даражада “тўпой”ми, наҳотки тоғларга чиқиб табиатни, ҳаётни, рангларни кузатиб фикрламайди деб тургандим, Кетмонқул деган шоир пўрим кастим-шим, ялтироқ патинкада келди-да, ҳали “Эчкилар”га етмасдан:
– О, қўйлар, қўйлар! -деб “Эчкилар” томон югургилаб кетди.
– Ай, чўпон! – деб ортидан энди қичқирган эдим-ки, Анвар Бобо “жим” дегандай имо қилди.
Қўйни соғинган, қўй сўйиб еса ўзини бахтли ҳис қиладиган бу қавмдан саънатни тушунишни кутиб бўладими?! Эчкидаги соқол ва шохни кўрмаслик мумкинмас. Аслида бу суратда эчкилар эмас, тоғ манзараси гавдаланган эди. Қорли тоғларнинг тонги манзараси эди. Қоялар бағридаги қор гупчаклари оқ рангда маҳорат билан берилганди. Эчкилар отар бир тириклик рамзи сифатида чизилган. Ҳатто бир эчкини соқоли олдинга қараб тараб қўйилгандай ясама эди. Кетмонқулнинг рассомлар олдида шоир номини шарманда қилиши яна-да, жаҳлимни чиқарди. Ўзи катта рассом бўлса-да Эржанни ҳазил аралаш “хаёлпараст, тентаклар” деб рассом ва шоирларни устидан кулиб юргани маъқул экан. Одамни кимлиги тийнатига чизилган бўлади. Башараси чўпонлигини айтиб тургач, чўпон дейман-да. Алпинист демайман-ку. Ўзбекистон халқ шоири бўлмайдими, минг маддоҳликлар ичра милён унвони бўлмайдими, президентларни пойига бориб патак бўлиб минг шеър ўқимайдими, ҳокиму прокурорларни расмини чизиб олқишлар олмайдими, не фарқ?! Саънатни билмаган одам шоир эмас, рангни ҳис қилмаган одам рассом эмас. Бутун умр шеър ёзмаган шоир одамлар бор, бутун умр расм чизмаган рассом одамлар бор дунёда. Шеър ҳам, сурат ҳам бадиий саънатдир. Афсус, шу даражада саънат беҳурмат бўлди-ки, фотогрифлар ҳам ўзини рассом даражасида кўра бошлади. Қулваччалар ўзини шоир даражасида кўра бошлади. Расм туширувчи расмчи рассомни тўпиғига арзимайди. Бадиий ижод бошқа олам…
Олис қишлоқлардан келиб пойтахтда катта рассом, катта ҳофиз, катта шоир бўлиб кетганлар эртанги кўргазмада сўзга чиқиб “бизни эл саънатни ҳурмат қилади, саънатсевар халқмиз” деб алжираса ҳам, картинага тушунмай рассомни “о, даҳо, даҳо” деб алқаса ҳам мен уларни сўзларига ишонмайман. Улар ёлғончилардир. Алжировчилар на рассом, на шоир, на ҳофиз?! Қўрқоқ ва маддоҳ қавм холос. Ўша ёлғончилар туғилган қишлоқларни, овулларни кез. Қайси хонадонда қандай картина осилган турибди?! Нечта уйдан нечтасида “шоҳ асар” бор? Кел-да, менга айт! Юзим қизарсин. Уларни уйида қўй бор, товуқ бор, тезак бор – картина йўқ! Уларни уйида қиммат дарвоза бор, шевролет бор – картина йўқ! Осилган картина топсанг у ҳам кимнидир ксерокопиясини печатдан чиқариб осиб қўйган бўлади. Саънатдан йироқ халқ. Буларга Озодни лапари саънат. Шу ерда осилиб турган “Эчкилар” асарини пойтахтга қадами етмаганлар ҳам жонли кўрсин деб бирор қирга осиб келсанг тасвирий саънатни ҳурматини кўрасан! Бу асар устидан кимдир “Қ+О” деб молни бўқи билан ёзиб кетган бўлади, ё пичоқ билан қириб ёзган бўлади. Иккинчиси келиб бўш жойига “Қ” билан “О”ни расмини чизиб кетган бўлади. Учинчиси келиб буни материали нималагига қизиқади-да, қозиқ билан тешиб кўрган бўлади. Тўртинчиси кечқурун келади, картинани ўғирлаб кетади. Саънат асари сифатида қишлоқ музейи учун ўғирламаган бўлади. Товуқ катагини панжарасидан шамол кирмаслиги учун бу текин нарсани қоплама қилган бўлади. Чин ижодкорларга бу жамиятда яшаш қийин.
Кетмонқул “Эчкилар” билан расм тушиб эчкиларга интервью бераётган пайт, Самандар саънатшунос “Булутлар рақси”ни томоша қила туриб Анвар Бобога кулиб қаради.
– Қўлим билан чиздим, – деди Анвар Бобо ҳам кулиб.
Самандар бир қўшиқчига телефон қилиб:
– Сизни “Ярадор булутлар” деган қўшиғингизни кўп эшитардиму, ярадор булутларни тасаввур қила олмасдим. Мен уларни кўрдим. Рассом Анвар Бобо чизибди. Ҳозир расмга тушириб сизга телеграмдан юбораман, – деди.
Кулишдик.
Эртанги кун кўргазмани очилиши бўлди. Асосий меҳмонлар чет элликлар. Французлар келди, хитойликлар келди, корейслар келди, Измирликлар келди, Остонадан келди, Бокудан келди, инглизлар келди лекин кўргазма Тошкентда бўлган бўлса, Сирдарёдан ё Фарғонадан одамлар келмади. Йўл узоқ деган, шекилли. Шу даражада саънатсевар халқмиз.
Беш маҳал намозни канда қилмайдиган бир илми толиб келиши керак эди, бир сайтдан…
– Нимага кечикяпсан?! – деб қўнғироқ қилдим унга.
– Динда расм ҳаром деб дўстларим айтди, – деди.
Баайни куфр дея бўралатиб сўкдим. Бу ҳаромнамаклар дин пешвоси рассом Али Қосим Чеҳракушодан ҳам, Бовардийдан ҳам, Тоҳурийдан ҳам “ақлли”. Ислом динини булардан яхши билган Камолиддин Беҳзодни кофирга чиқаради булар индамаса. Мирзо Улуғбекни боши саждада турган маҳал унинг бошини мана шу падаркуш ҳаромзодалар кесган. Шу қотган мия билан ўлиб кетиши, миллатни ўлдиришга ҳисса қўшиши холос…
Гўзалликни кўришни кўзга савоби бор. Тўйда мулла соқолига, лўли зулфига оро берар дегандай, эшитган таниш-билишлар ясаниб-тусаниб оқиб келди. Суратга тушунганлар ҳар бир картина олдида анча вақт термулиб қоларди. Тушунмаганлар “ярадор булутлар”дан турли шакллар ўйлаб топар, мўдирн ранглар деб қарарди. Ўзини ақллидай тутарди. “О, кўм-кўк осмон! О, мусоффо осмон! О, ингичка мўйқаламда нозик чизилган ажойиб булутлар!” дерди. “Ҳайп” қилишга келганлар “Эчкилар”ни ёнига югурарди. Келганларни аксарияти фақат эчкилар билан расмга тушарди. “Эчкилар” зўр чизилгани учун югурмасди. Бу ерда “Эчкилар” дан кўра гўзал, мукаммал чизилган, асарлар кўп эди. Картина баҳайбатлиги учун югурмасди, бу ерда ундан бошқа баҳайбат картиналар ҳам бор эди. Расмни ҳис қила олмай “ҳайп” қилишга келган одамлар ҳам картиналарни кўриб ҳайратга тушиб қолган эди. Картиналар ичида кеза бошлаганди. Атроф фақат табиат манзаралари. Қайсидир картинада билинар билинмас бир хўрозни сурати, қайси биридадир бир қушча бор, битта картинада бир ит кўзга ташланмай кетяпти. Қолган картиналар фақат табиат тасвири: тоғлар, боғлар, гуллар…тошлар, дарахтлар, настарин гуллари…беҳилар, тераклар, узумзор ва ҳакоза… Улар Робинзондай бошқа бир оролга тушиб қолганди. Улар туғилган четанини соғинган одамлар эди. Умри пул ортидан қувишу дунё ва нафснинг измига тушган, ёлғон машҳурлигу ҳашамларга ўч бўлиб қолган одамлар эди. Ёлғонга қоришган умрида “Эчкилар” ҳам кўзига қўй бўлиб кўринаётган эди. Тийнатига мос манзара уларни ошуфта этган эди.
Ҳам саънатшунос, ҳам рассом бир одам “Булутлар рақси” картинаси томон мени чорлади.
– Сиз ёзувчи одам. Анвар мени жўрам. Сиз умрингизда ҳеч расм чизиб кўрмагансиз. Сизга шу картинани тушунтирай. Анварни ҳар бир чизган суратидан хабарим бор. Қаранг, мана бу Чорвоқ. Бу ерга пленерга Анвар билан кўп чиққанман. Мана бу кўк осмон. Мана бу булутлар. Икки томон тоғ… Бу расм бир нафасда чизилган… – дея картинани тушунтира кетди.
– Картинани қўлингиз билан ишқаяпсиз! Булутларга бармоғингизни олиб борманг, қўлингиз ранг бўлади. Енгингиз кўк бўлди! Осмон ложувард, осмон феруза, – дея ундан йироқ кетдим.
Хаёлимда кечга Эркин Оролни устахонасида бўладиган майхўрликда коняк ичсамми, ароқ ичсамми деган ўй эди. Бу саънатшуносни фикри менга қизиқ эмасди. Сартарош бўлса-да расмни бу саънатшуносдан яхшироқ тугунадиган Хорун Жижини латифалари қизиқроқ эди.